12:01 | 22.01.24

                       

Оҳангарондаги икки кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ бўйича суд ҳукми ўқилди

Ўтган йилнинг ёзида Оҳангаронда Istana микроавтобуси ва Damas тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 22 киши жабрланганди.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ўтган йили 30 июн куни салонида 9 йўловчиси бўлган Damas қарама-қарши томонда келаётган Istana’нинг йўлига чиқиб кетиши натижасида ЙТҲ содир бўлган эди.

Оқибатда иккала автомашинадаги жами 24 нафар йўловчи жароҳатланган ва улардан икки нафари – 34 ёшли эркак ва 23 ёшли аёл ҳодиса жойида вафот этган.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган 22 нафар жароҳатланган йўловчиларнинг 10 нафари эса 12 ва 1 ёш оралиғидаги болалар бўлган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, ушбу ҳолат бўйича бўлиб ўтган суд мажлиси тафсилотларга кўра, Istana автомашинасига етказилган зарар миқдори 40 млн сўмга яқинни ташкил этган.

Судда Damas ҳайдовчиси 24 ёшли Й.Р. ўша куни 60 км/соат тезлик билан ҳаракатланиб келаётганида олдидаги машиналарни қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққанини, шунда жуда яқин келиб қолган Istana’ни кўрганини, ўз йўлагига қайтишга эса кеч бўлгани натижасида ҳолат содир бўлганини айтиб, пушаймонлигини билдирган.

Вафот этган фуқароларнинг яқинлари судланувчидан даъволари йўқлигини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришини сўраган.

Bugun.uzʼдаги мавжуд маълумотларга кўра, суд Й.Р.ни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиши натижасида одам ўлимига ва ҳалокатга сабабчи бўлган деб топган (ЖК 266-модда 3-қисми а ва б бандлари) ва унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан, 4 йил муддатга эса озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: