11:14 | 08.04.24

                       

Оҳангарондаги туғуруқхонада аёл ва унинг ҳомиласи нобуд бўлди

Бош прокуратура Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги туғуруқ бўлимида 39 ҳафталик ҳомиласи бор аёлнинг аҳволи оғирлашиб, вафот этган ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда.

4 апрель куни Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида ҳомиладор аёл қорнидаги ҳомиласи билан вафот этди.

Скрин: Telegram

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд қилишича, 3 апрель куни соат 02:45 да 32 ёшли Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳри тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта, туғуруқ 3, туғуруқнинг 1-даври, латент фазаси, семизлик 3-даражаси ташхислари билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.

4 апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган. Шундан реаниматолог иштирокида беморда реанимацион чоралар амалга оширилган. Бироқ орадан салкам ярим соат ўтиб, аёлда биологик ўлим кузатилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган, — дейилади вазирлик ахборотида.

Асорати: ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, бош мия шиши. Ҳомилада ҳам антенаталь ўлим қайд этилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: