10:15 | 29.11.23

                       

Оилавий меҳмон уйларини my.gov.uz орқали рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди

Рўйхатга олишда давлат хизматлари бепул ҳисобланади.

Ҳукуматнинг 2023 йил 27 ноябрдаги қарори билан оилавий меҳмон уйлари, ҳостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш низом тасдиқланди.

Низомга кўра, меҳмон уйлари, ҳостеллар, ўтовли ва чодирли оромгоҳлар фаолияти уларни Туризм қўмитаси томонидан юритиладиган Реестрга киритиш ва Реестрдан кўчирма бериш орқали ташкил этилади. Бунда Реестрга киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланган.

Ушбу турдаги ишлар фаолиятини ташкил этиш истагини билдирган шахс  давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига шахсан ўзи келиб мурожаат қилади ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади. Сўнгра, сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли ҳужжатлар илова қилинади.

Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари (ваколатли орган) ҳужжатларни олган кундан бошлаб уч иш куни давомида кўриб чиқади ҳамда ўрганиб чиқиш натижаси юзасидан далолатнома расмийлаштирилади.

Меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этишда тегишли шароитлар яратилган бўлиши шарт (қуйидаги рўйхатда келтирилган).

Маълумот учун, оилавий меҳмон уйи бу – меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчиларга (туристларга) вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек, ҳар бир яшовчи шахсга 3 метр квадрат ҳисобидан тўғри келадиган турар жой майдонига эга бўлган хусусий уй-жой объектидир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: