16:30 | 25.01.24

                       

Оилавий зўравонликни тарғиб қилган икки блогер узр сўраб чиқди

Блогерлар зўравонлик тарғиботи бўлган видео сабабли ички ишлар бўлимига чақиртирилган бўлиши мумкин.

Instagram тармоғида ибратли видеолари билан машҳур бўлган икки блогер Шокир Отахонов ҳамда Равшанхон ўз саҳифаларига видео жойлаштирди. Унда эридан калтак еб, уйига қайтиб борган қиз отаси томонидан ортига қайтариб юборилгани тасвирланган. Видеода қиз уни урган эрининг уйига қайтиб бормаслигини айтади. Отаси эса қизи эридан ажрашиб, уйига қайтиб келса «ё кимгадир иккинчи хотин ёки кимнингдир жазмани бўлишини» ўйлаб, уни уйига қўймай ортига қайтариб юборади. Видеода оилавий зўравонлик тарғиб қилингани учун болгерлар ижтимоий тармоқларда кескин танқидлар остида қолди.

Шундан сўнг, улар видеони саҳифаларидан ўчириб юборди ва одамлардан узр сўраб, бошқа бундай турдаги видеони чиқармаслигини айтишди.

«Бизлар уч-тўрт кун аввал ўз ижтимоий тармоқ саҳифамизга ъаёл ҳар қандай вазиятда эрига итоат қилиши керакʼ, деган мавзуда видео қўйган эдик. Ушбу видеони ижтимоий тармоққа жойлаштирганимиздан кейин тармоқ кузатувчилари томонидан ʼЎзбекистоннинг гендер тенглик тўғрисидаги қонуниʼ бузилгани туфайли ўзларининг салбий фиркларини билдиришди. Ростдан ҳам, видеомизда гендер тенглик тўғрисидаги қонуннинг бузилиши бор экан. Ижтимоий тармоқ кузатувчиларидан узр сўраймиз ва келажакда бундай видео олмаймиз деб ваъда берамиз», деб қўшимча видео блогерлар томонидан эълон қилинди.

Ҳолат юзасидан Bugun.uz мухбири блогерларнинг администратори билан боғланди. У мазкур видеонинг олинишидан мақсад сифатида «ҳозирги кунда ажримлар кўпайгани сабабли, бунинг олдини олиш, оталар қизлари эрларидан шикоят қилиб келса, обдон ўйлаб иш қилиши кераклиги»ни етказиш бўлганини таъкидлади.

«Аммо бир-иккита томошабинлар томонидан эътирозларга сабаб бўлган ва мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, эътирозлар учун узр сўраб чиқилган», дейди у.

Бундан келиб чиқадики, зўравонлик тарғиботи бўлган видео сабабли блогерлар ички ишлар бўлимига чақиртирилган бўлиши мумкин. Аммо уларнинг администратори буни очиқ айтмади. Унинг сўзларига кўра, блогерлар ҳозир уйларида, видеоларни тасвирга олиш ишлари давом этмоқда, ишлар эса ҳар кунги тартибда давом этяпти.

Шунингдек, блогерларнинг администраторидан видео учун блогерларга жарима солинган ёки йўқлиги ҳақида маълумот сўралганида, бу иш бўйича маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини тахмин қилаётганини, бу бўйича адвокатлари шуғулланишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг август ойида «Чеченка» тахаллуси билан танилган инстаблогер Гулзода Абдуллаева эрига иккинчи хотин совға қилгани ҳақида видео олгани учун судланганди. Суд блогернинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, ўша пайтда ҳомиладор бўлгани ҳамда муқаддам бу каби ҳуқуқбузарлик содир этмагани учун унга енгиллик берган ва огоҳлантириш билан кифояланганди. У қўшхотинлик тарғиботида айбланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: