21:16 | 05.04.22

                       

Олий суд Отабек Сатторий иши бўйича туман судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди

Блогерга оид жиноят иши кассация тартибида кўриб чиқилган

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд жараёнида блогер Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кассация тартибида берилган шикоят асосида кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий суднинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Абидов хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 5 апрелдаги ажрими билан Отабек Сатторийга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукми ҳамда Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилган. Яъни мазкур масала юзасидан шикоят қаноатлантирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 29 январь куни Сурхондарё вилояти Термиз ИИБ ходимлари блогер Отабек Сатторийни ҳибсга олган. Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бир кишини мажбуран машинага ўтирғизиб, олиб кетгани акс этган видеоёзув тарқалган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Тергов департаменти 1 март куни унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунлангани ҳақида маълум қилган. Кейинчалик Олий суд унинг суд жараёни 11 март куни бошланиши ҳақида хабар берган.

Сурхондарё вилоятида жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 10 май куни Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Суд ҳукмига кўра, Отабек Сатторий айбловнинг жабрланувчи Н.Н.ни ҳақорат қилгани бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан ҳамда Т.К., А.Х. ва З.Х.га нисбатан такроран товламачилик қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли оқланганди.

Шунингдек, у Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгилан.

«Bugun.uz» таҳририяти Отабек Cатторий иши юзасидан ҳужжатли фильм ҳам тайёрлаган. Унда блогернинг яқинлари ва суд ишига бевосита алоқадор жабрланувчилар кўрсатмалари, адвокатлар ҳамда таниқли блогерларнинг воқеалар бўйича хулоса ва фикрлари келтирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: