16:52 | 28.02.24

                       

Олтита вилоятда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди

Ўзбекистонда «Яшил энергия» соҳасига 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди. Яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.

Шундай имкониятни ишга солиш масаласига анча йиллар давомида эътибор берилмай келингани, лекин сўнгги йилларда бу соҳада ҳуқуқий база яратилгани туфайли инвесторлар учун жозибадор муҳит шакллангани қайд этилди.

«Яшил энергия» манбаларини барпо қилиш бўйича юртимизда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, деярли барча вилоятларда замонавий қуёш ва шамол электр станциялари барпо этилмоқда.

Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга тушди.

Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида 183 мегаваттли 6 та йирик ва кичик ГЭСлар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорларга тегишли бинолар ва аҳоли хонадонларида умумий қуввати 457 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: