9:20 | 20.12.23

                       

Қорақалпоғистон ва Андижонда масъулларнинг кўмир билан боғлиқ жиноятлари фош этилди

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун ажратилган кўмир пуллари «туя қилинди».

Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош туманида «У.Э.» МЧЖнинг масъул шахслари давлат хусусий шерикчилик битимига асосан, тумандаги 49 та ижтимоий соҳа объектларини иситиш мавсумида кўмир билан узлуксиз таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг 452,3 миллион сўмини бошқа мақсадларга сарфлаб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Шаҳрихон кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда 612,3 тонна кўмир сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, ушбу кўмирни бозор нархида бошқа шахсларга сотиб юборганликлари аниқланди.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сирдарёда масъул шахслар 309,9 тонна кўмирни «еб юборишгани» ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, «Кўмир таъминот»нинг Тошкент вилояти филиали бошлиғи пора билан қўлга тушганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: