17:39 | 15.11.23

                       

Қорақалпоғистонда алкогол маҳсулотларини қўлбола усулда тайёрлаб келган шахслар ушланди

Шунга ўхшаш ҳолат Қашқадарёда ҳам кузатилган.

Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда ноқонуний тарзда ишлаб чиқарилган қалбаки алкоголь маҳсулотларининг муомалага киритилиши олди олинди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Элликқалъа туман бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Кичик Гулдирсин» МФЙдаги хонадонлардан бирида яшовчи С.А. ўз уйида алкогол маҳсулотлари ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, ушбу хонадондан 2 157 дона «Русская водка» номли қўлбола усулда тайёрланган алкогол маҳсулоти, 865 дона қалбаки акциз марка, 160 литр спирт, 21 190 дона бўш шиша идишлар ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Худди шундай, департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро З.А. ўз уйида алкогол маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, қўлбола усулда тайёрланган 120 дона «Қаратау» номли алкогол маҳсулоти, 120 литр спирт ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Шу каби, департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.А. ва А.Т. қўлбола усулида ясалган 480 дона «Шаҳрисабз ароғи» номли алкогол маҳсулотини фуқаро Б.К.га ўтказиш мақсадида олиб келган вақтларида ушланиб, жами 588 дона қалбаки алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: