14:04 | 23.01.24

                       

Орол денгизи ҳудудида 350 туп черкез ва қандим ўсимликлари экилди

Экология вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент кимё-технология институти томонидан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ҳамда Оролбўйи ҳудудига экспедиция ташкил қилинди.

Экспедиция мақсад Орол денгизи ҳудудида янги инновацион биотехнологияларни жалб қилиш орқали экологик тизимни шакллантириш ҳисобланади.

Фото: Экология вазирлиги

Экспедицияда институтнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этган. Улар денгиз ҳудудида ТКТИ боғини яратишган. Боғда янги инновацион технология асосида 350 туп черкез ва қандим ўсимликлари экилган.

Фото: Экология вазирлиги

Шунингдек, Мўйноқ туманида ёш олимларнинг келгуси тадқиқотлари учун 80-350 километр оралиқдаги ҳудудлардан 37 та намуна объект сифатида танлаб олинган. Қолаверса, тупроқ-гил ва қотишма кўринишидаги объектлардан ҳар 30 километрдан 20 дан ортиқ намуна олинган. Шу билан бирга, институт олимлари томонидан ишлаб чиқилган жами 350 килограмм композит чўл ўсимликлари илдиз тизимига қўйиб чиқилган.

Фото: Экология вазирлиги

Маълумот учун, композит ТКТИ олимлари томонидан яратилган махсус ўғит-модда бўлиб, ўсимликларнинг чўл ҳудудида, шўр тупроқда ҳам ўсиб кетишига имконият яратади.

Фото: Экология вазирлиги

Бундан ташқари, чўл ҳудудидаги доривор ўсимликлардан ҳам намуналар олинган. Бу намуналардан туб аҳоли орасида кенг тарқалган касалликларнинг олдини олиш ва табиий даволаш бўйича биодозалар ишлаб чиқиш мақсадида фойдаланилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: