17:52 | 15.11.23

                       

ОТБ қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқаришда ёрдам беради

Ўзбекистон Япониядаги чиқиндини қайта ишлаб чиқариш соҳасида етакчи компанияларни мамлакатга жалб қилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори катта директори Норио Саито билан учрашди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида ташкил этилган учрашувда Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки билан самарали ҳамкорлик ўрнатилганини алоҳида таъкидлаган.

Маълумот учун, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Марказий ҳамда Ғарбий Осиё ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 17 фоизи Ўзбекистонга тўғри келмоқда. Мамлакат минтақада бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда туради. 2023 йилда жами 3,5 миллиард долларга яқин миқдорда 25 та лойиҳа имзоланган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида шаҳарларни комплекс ривожлантириш, экология соҳасидаги ходимлар малакасини ошириш, Япониядаги чиқиндини қайта ишлаш соҳасидаги компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Норио Саито 2025–2026 йилларга мўлжалланган «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг 2-босқичини бошлаш таклифини билдирган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошираётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув якунида Норио Саито Ўзбекистонда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қурғоқчилик ва очарчиликка қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаган. Шунингдек, ОТБ бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати

Шу билан бирга, Япониядаги чиқиндини қайта ишлаш соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳада Осиё тараққиёт банки томонидан инвестицияларни олиб кириш, грантлар ажратилиши ҳамда вазирлик ва қуйи ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қўллаб-қувватланадиган бўлди.

Маълумот учун, 2022 йил 23 декабрда Япония Экология вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Меморандумга кўра, томонлар иқлим ўзгариши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, чиқиндиларни бошқариш соҳаларида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: