10:15 | 07.05.24

                       

ОТМларда давлат гранти ҳар йили қайта тақсимланади

Ўзбекистонда давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.

Ўзбекистондаги олийгоҳларда давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар ўртасидаги рақобат асосида белгиланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлган тақдимотда айтиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг шу йил 2 февралдаги қарорига асосан, «Таълим соҳасида лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси тузилган эди. Ўтган вақт мобайнида офис томонидан вазирликлар билан бирга ўқув жараёнларини янги тамойиллар асосида ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим хизматлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббуслар ишлаб чиқилди.

6 май куни президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.

Олий ўқув юртларида таълим жараёнларини рақамлаштирган ҳолда деканатлар ва бошқа маъмурий тузилмаларни оптималлаштириш масаласи ҳам муҳокама этилди. Шу нуқтайи назардан, 1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир янгилик: энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.

Давлатимиз раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Малака талаблари бўйича ҳам долзарб масалалар кўп. Мамлакатдаги айрим мезонлар халқаро стандартларга ва иш берувчи талабларига тўлиқ мос келмайди. Меҳнат бозорида мавжуд 8 мингга яқин ишчи касбдан 5 мингдан ортиғи бўйича малака стандартлари ишлаб чиқилмаган. Борлари ҳам аниқ ва сифатли эмас.

Шунингдек, малакани баҳолаш марказларида сертификатлаш йўлга қўйилмаган. Миллий малака тизимига доир жараён ва ҳужжатлар Электрон платформада юритилмайди.

Шу боис Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: