15:41 | 19.09.23

                       

Озарбайжон Қорабоғда «аксилтеррор тадбирлар»ни бошлади

Ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Степанакерт шаҳри артиллериядан ўққа тутилмоқда, шаҳарда ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш эълон қилинган.

Озарбайжон тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасига қарши «аксилтеррор чоралар» бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Trend.az

Қайд этилишича, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучларининг бўлинмалари томонидан «Озарбайжон армиясининг позициялари тизимли равишда ўққа тутилаётгани», унинг «ҳудудларида миналаш ишлари давом эттирилаётгани», «жанговар позицияларни муҳандислик-техник такомиллаштириш ишлари, шунингдек, округларда хандақлар ва окоплар сони кўпайтирилаётгани» сўнгги пайтларда кескинликнинг кучайишига сабаб бўлганини маълум қилган. Шу ва бошқа бир қанча сабабларни келтирган ҳолда Озарбайжон томони Арманистонни 2020 йил 10 ноябрда имзоланган Уч томонлама декларация қоидаларини бузишда айблаган.

Шу сабабли Озарбайжон Мудофаа вазирлиги «Уч томонлама декларация қоидаларини таъминлаш мақсадида», «Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш бўйича минтақада маҳаллий антитеррор тадбирлари бошланганини» эълон қилди.

Озарбайжон томонига кўра, «антитеррор тадбирлар» доирасида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон Қуролли кучлари қўшинларининг позициялари, уларнинг узоқ муддатли ўқ отиш пунктлари, шунингдек, жанговар воситалар ва ҳарбий объектларини яроқсиз ҳолга келтирган.

«Биз тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон олмаслигимизни, фақат қонуний ҳарбий нишонлар йўқ қилинганини яна бир бор таъкидлаймиз», дейилади хабарда.

Шунингдек, Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги ва Туркия-Россия қўшма мониторинг маркази раҳбарияти олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар ҳақида хабардор қилинган.

Айни пайтга келиб Степанакерт аҳолиси шаҳар артиллерия воситасида ўққа тутилаётгани, ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари янграётгани ҳақида хабар бермоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: