9:11 | 30.05.24

                       

Ўзбекистон давлат спорт академияси битирувчиларига бир қатор имтиёзлар берилади

Ўзбекистон давлат спорт академияси битирувчиларига бир қатор имтиёзлар берилади. Хусусан, уларга малака сертификати тўғридан-тўғри 6 йилга берилади.

Ўзбекистон давлат спорт академияси битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.

Қайд қилинишича, Академияда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади.

Академияга талабаларни қабул қилиш параметрлари Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида белгиланади.

Академия талабаларининг контингенти, биринчи навбатда, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ривожлантирилаётган спорт турлари бўйича сўнгги бир йилда Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган олимпия ва паралимпия коллежлари, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари орасидан уларнинг спорт натижаларига қараб, саралаш (селекция) асосида шакллантирилади.

Бунда, Олимпия ва паралимпия коллежларидан саралаб олинган битирувчилар Академияга тўғридан-тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади.

Шунингдек, Академия битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади ва Академия талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.

Бундан ташқари, Академия битирувчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 6 йилга берилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: