8:51 | 22.05.24
Ўзбекистон Олимпия ўқув-машғулот йиғинларига тайёргарлик учун 70 миллиарддан ортиқ пул сарфлади. Бундан ташқари, яна беш хил харажат давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда.
Миллий олимпия қўмитаси 2024 йил июль – август ойларида Парижда ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўраётган спорт федерацияларига биринчи чорак ҳолатида қанча маблағ йўналтиргани тўғрисидаги маълумотни эълон қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Таъкидланишича, Президентнинг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари томонидан «Париж-2024» Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотга кўра, 2024 йилнинг биринчи чораги давомида «Париж-2024» Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган 20 та спорт федерацияси ва уюшмалар тақдим этган талабномалар асосида маҳаллий ҳамда халқаро ўқув-машғулот йиғинлари учун 73 миллиард 355 миллион 700 минг сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилган ва молиялаштирилган.
«Бундан ташқари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва уюшмаларнинг устав харажатлари, миллий терма жамоа спортчилари учун анжом ва махсус инвентарлар хариди, уларнинг тиббий-биологик таъминоти, нуфузли турнир ва чемпионатларда иштироки билан боғлиқ харажатлар ҳам давлатимиз томонидан молиялаштириб келинмоқда», дейилади хабарда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: