18:49 | 19.02.24

                       

Ўзбекистон – Қозоғистон савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошди

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири эканини айтди. У икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 4 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.

Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Ўзбекистон делегацияси билан бўлиб ўтган музокара ҳақида маълумот берди, деб хабар беради «Kazinform».

«Ҳозиргина Бахтиёр Саидов билан анъанавий дўстлик, ўзаро ёрдам ва ишонч руҳида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Биз ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдик, асосий вазифаларни кўриб чиқдик. Давлат раҳбарларининг жорий йил бўлиб ўтадиган кўп томонлама форматдаги олий даражадаги ташриф ва учрашувларига алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболи таҳлил этилди. Савдо, саноат, транспорт ва логистика соҳаларидаги шериклик масаласи атрофлича муҳокама қилинди», – деди Мурат Нуртлеу вазирларнинг қўшма баёнотида.

Вазир ўз сўзида Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири эканига ҳам урғу берди.

«Сўнгги йилларда товар айирбошлаш изчил ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди. Саноат кооперацияси соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Aйни пайт умумий қиймати 156 миллион долларлик 12 қўшма лойиҳа ишга туширилган. Шунингдек, жами 1 миллиард долларлик 21 лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш навбатдаги муҳим вазифа ҳисобланади. Давлатларимиз чегарасида Халқаро саноат кооперацияси маркази фойдаланишга топширилиши айни жараёнга салмоқли ҳисса қўшишини кутамиз», – деди у.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: