15:44 | 10.06.24

                       

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан инвестициявий ҳамкорликни жадал ривожлантиради

Ўзбекистон Саудия Арабистони билан инвестициявий ҳамкорликни жадал ривожлантиради.

Хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий шериклик доирасидаги ишлар ҳолати ва келгуси режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Саудия Арабистони билан ҳам инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда, қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошланган, сармоялар портфели тобора кенгайиб бормоқда. Подшоҳлик компаниялари иштирокида умумий қиймати 24,1 миллиард долларлик 34 та инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилган.

Мазкур лойиҳалар доирасида жорий йилда жами 2,5 миллиард доллар маблағни ўзлаштириш режалаштирилган. Шу жумладан, йил якунига қадар транспорт, рақамлаштириш, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, энергетика соҳаларида қўшимча 13 та лойиҳалар доирасида 1,5 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ишини янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш доирасида шакллантирилган экология, тоғ-кон, молиявий ҳамкорлик соҳаларида қиймати 6,5 миллиард долларлик янги истиқболли лойиҳалар юзасидан музокараларни якунига етказиш ва амалий ишларни бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Президентимиз ҳисобот ва режалар билан танишиб, мутасаддиларга хорижий инвестицияларни тўлиқ ва сифатли ўзлаштириш чораларини кўриш, лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширди.

Инвесторлар билан доимий мулоқот қилиб, улар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тизимли ҳал этиб бориш вазифаси қўйилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: