7:59 | 20.02.24

                       

Ўзбекистон ва Кувайт қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўяди

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Кувайт компанияси вакиллари ўртасида томонларни қизиқтирган маҳсулотларни импорт қилиш масалаларини амалий муҳокама қилиш учун онлайн музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон элчихонасида «AlMawashi» компанияси раиси ўринбосари, савдо сектори раҳбари Мўътаз Ясин билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Учрашув аввалида Мўътаз Ясинга ўзбек маҳсулотларининг экспорти учун тақдим этилаётган имтиёзлар, хорижий импортёрлар учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мўътаз Ясиннинг сўзларига кўра, «AlMawashi» компанияси 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, 70 фоиз давлат улушига ҳамда 30 фоиз хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Компаниянинг Кувайтда 20 миллион квадрат метрлик фермер хўжалиги ва 35 та сотув дўконлари мавжуд.

У ерга 2 та катта кемада Австралия ва Жанубий Африкадан ойига 55 минг қорамол ва қўй олиб келинади. Учрашув якунида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда «AlMawashi» компанияси вакиллари ўртасида Кувайт томонини қизиқтирган маҳсулотларни импорт қилиш масалаларини амалий муҳокама қилиш учун онлайн музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, Мўътаз Ясин яқин орада Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатимиздаги фермер хўжаликлари вакиллари билан музокаралар олиб бориш, шунингдек, ўзбек асал маҳсулотларини олиб келишни режалаштираётганини маълум қилди.