23:45 | 13.02.24

                       

Ўзбекистон ва Кувайт шифокорлари ўртасида тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйилади

Кувайтда фаолият олиб бораётган тажрибали шифокорларнинг Ўзбекистон ҳудудларида юрак, кўз, ошқозон ва ичак бўйича жарроҳлик амалиётларини грант асосида бажариши кутилмоқда.

Ўзбекистон элчихонасида Кувайтдаги «Adan Hospital» шифохонасида ишлаётган ватандош шифокорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида тиббиёт соҳасида Ўзбекистон–Кувайт ҳамкорлигини янада жадаллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Кувайтда фаолият олиб бораётган тажрибали шифокорларнинг Ўзбекистон ҳудудларида юрак, кўз, ошқозон ва ичак бўйича жарроҳлик амалиётларини грант асосида бажаришларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Кувайт шифокорлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланишича, Кувайт шифохоналари ва тиббиёт марказларида малакали шифокор ва ҳамшираларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Ўзбекистондан инглиз тилини мукаммал биладиган малакали соҳа ходимларини Кувайтда ишлашига имконият яратиб бериш мумкинлиги қайд этилди. Учрашув якунида муҳокама қилинган масалаларни ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида ўзаро мулоқотларни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: