21:15 | 27.05.24

                       

Ўзбекистон ва Россия президентлари Тошкентдаги «Ғалаба боғи»га борди

Ўзбекистон ва Россия президентлари Тошкентдаги «Ғалаба боғи»га борди — фоторепортаж.

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Кўп миллатли халқларимиз кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этадилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ‘Инсон қадри учун’ тамойили ислоҳотлар дастурининг мутлақ устувор йўналишига айланди. Хусусан, ўзбекистонликларнинг уруш жанггоҳларида кўрсатган қаҳрамонлиги ва фронт ортидаги фидокорона меҳнатини абадийлаштириш учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 9 майда ‘Ғалаба боғи’ очилди», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, кенг мажмуа бир нечта ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бири алоҳида мавзуга бағишланган – уруш даҳшатлари ва аскарлар қаҳрамонлиги, фронт ортидаги ишчилар матонати ва фидойилиги, қайғу ва дард, шодлик ва шукроналик.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерга ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия Президентлари ҳалок бўлган аскарларнинг хотирасини ёдга олдилар ва уруш дастидан беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйдилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мажмуанинг энг юқори нуқтаси – сунъий тепалик чўққисида «Абадий жасорат» композицияси – Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-майор Собир Раҳимов ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча ўзбекистонлик аскарлар хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тепалик ичида боғнинг асосий павильони – Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган Шон-шараф музейи жойлашган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Етакчилар музейнинг бой экспозицияси билан танишиб, шонли ўтмишимиз ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар. Тарихий меросни эъзозлаш ёшларда ватанпарварлик руҳини тарбиялаш ва халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.

Ғалаба боғининг маҳобати ва салобати Россия делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди», – дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: