8:25 | 02.02.24

                       

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг чегараолди ҳудудларида савдо-иқтисодий алоқалар ривожлантирилади

Туркманобод шаҳрида Иккинчи Ўзбекистон–Туркманистон ҳудудлараро форумини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон элчиси Акмал Қўчқоров Туркманистоннинг Лебап вилояти ҳокими Шуҳрат Амангелдиев билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: «Дунё»

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг чегараолди ҳудудлари — Бухоро ва Лебап вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат учун манфаатли йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Иккинчи Ўзбекистон–Туркманистон ҳудудлараро форумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

2022 йил 13 июлда Бухоро шаҳрида ўтказилган Иккинчи Ўзбекистон–Туркманистон ҳудудлараро форуми натижалари юқори баҳоланди. Қайд этилишича, ушбу тадбир якунлари бўйича икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 450 миллион долларидан ортиқ савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.

Шуҳрат Амангелдиев жорий йилдаги ҳудудлараро форумни Туркманобод шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг барча вилоятлари вакилларининг иштироки кўзда тутилмоқда ҳамда унинг доирасида икки мамлакатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил қилинади.

Мулоқот чоғида, шунингдек, Бухоро вилояти ишбилармон доиралари вакилларининг Лебап вилоятига бизнес миссиясини ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида Бухоро ва Лебап вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадида 2024 йил февраль ойининг иккинчи ярмида Бухоро вилояти ишбилармон доиралари вакилларининг Лебапга ишчи сафарини ташкил қилиш тўғрисида келишиб олинди.