18:38 | 20.01.24

                       

Ўзбекистонда 11-синф қизнинг Гарвард ва Кембриж университетларига 100 фоизлик грант билан қабул қилингани ҳақда хабарлар тарқалди

Қизнинг онаси Гарварднинг собиқ вице-президенти Клодин Гей унга ёрдам берганини айтди. Bugun.uz батафсил маълумотларни тақдим қилади.

Caмарқанд вилоятида истиқомат қилувчи мактаб ўқувчисининг Гарвард ва Кембриж университетларига 100 фоизлик грант ютиб олгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Bugun.uz мухбири тарқалаётган хабарларга аниқлик киритиш учун қатор ташкилотлар билан боғланди.

Фото: Жасмина Ҳусенова

Вилоятнинг Тойлоқ туманидаги 11-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Жасмина Ҳусенованинг визаси, АҚШ ва Британиянинг, қолаверса бутун дунёнинг топ университетларига қабул қилингани ҳақидаги хатнинг нусхалари ва бу ҳақдаги хабарни Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам ўзининг саҳифаларида эълон қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бироқ, хабар фейк бўлиб чиққани сабабли улар постларни саҳифаларидан ўчириб ташлашди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қизга дарс берган ўқув марказдаги ўқитувчисининг Bugun.uz‘га маълум қилишича, қиз инглиз тилини 7-синфдан бошлаб ўргана бошлаган ва 9-синфда ўзи яшайдиган ҳудуддаги ўқув марказида тилни чуқур ўрганишга киришган. Ўқув маркази раҳбари қизнинг виза ишларига аралашмаганини, улар Жасминага келган визани ва ўқишга киргани ҳақидаги хабарни текшириб кўрмаганини тан олди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Охирги вақтларда қиз дарсларга қатнашмай, ўқишга ҳужжат топшириш билан банд бўлиб юрган. Қиз бир марта эссе ёзган ва тўрт марта суҳбатда қатнашган. Ўқув маркази раҳбарининг ўзи ҳам қизга келган ўқишга қабул қилингани ҳақидаги хабарнинг ҳақиқийлигига шубҳа билан қарамоқда. Чунки, қизнинг IELTS ва SАТ сертификатлари ҳам мавжуд эмас.

Қиз 2023 йилнинг 27 декабрида Самарқанд шаҳрига келган ва айни пайтда ҳам шу ерда бўлиб турган Гарварднинг қандайдир 150 кишилик делегацияси билан бирга бир неча кун бўлиб, ўқиш масаласини айнан улар билан ҳал қилган. Ҳатто қизнинг ота-онаси ҳам делегация аъзоларини кўрмаган. Уларнинг ўзи қизга машина жўнатган, бир неча бор шу тарзда олиб кетган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси эса Ўзбекистонга келган бундай делегация ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди. 2023 йилнинг ноябр ойида Американинг 100 дан ортиқ давлат университетлари иштирокида форум бўлган. Лекин унда ҳам форум Самарқандда эмас, Тошкент шаҳрида бўлган. Қолаверса, элчихона вакиллари элчихонага бормай туриб виза олиш мумкин эмаслигини қўшимча қилди.

Қизнинг онаси Bugun.uz‘га делегация раҳбари Гарварднинг собиқ вице-президенти Клодин Гей (Claudine Gаy)хоним эканлигини айтди. Ҳужжат тайёрлаш жараёнида қиздан ҳеч қандай пул сўрашмаган. Аммо виза тўғрилашда улар элчихонага давлат божини тўлашган. Қиз Тошкентга келиб, АҚШ элчихонасида бўлмаган. Тўлов суммасини кимдир қўнғироқ қилиб айтган ва улар компютер орқали тўлов қилган.

Маълумот учун, Клодин Гей 2023 йилда антисемитизм ва плагиат билан боғлиқ айбловлар сабабли Гарварддан истеъфога чиқарилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: