23:48 | 31.01.24
Дори хавфларини аниқлаш учун GVP стандарти жорий этилади.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 31 январ куни фармацевтика соҳасини тартибга солиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда «Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига асосан, дорилар ва тиббий буюмларни тайёрловчи ҳамда сотувчи ташкилотлар бу маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги учун ҳам масъул этиб белгиланиши, уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари ўрнатилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, дори воситалари истеъмоли билан боғлиқ хавфларни тезкор аниқлаш ва чора кўришга қаратилган тизим ташкил этилади. Бунинг учун «Зарур фармакологик назорат амалиёти – GVP» стандарти жорий этилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигида дориларнинг ножўя таъсири тўғрисида электрон база шакллантирилади.
Шу билан бирга, дорилар ва тиббий буюмларни сақловчи божхона ва эркин омборлар босқичма-босқич «Зарур сақлаш амалиёти – GSP» қоидалари талабларига мувофиқлаштирилади. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Зарур амалиётлар маркази давлат корхонаси сифатида қайта ташкил этилади.
Телерадиоканаллар орқали дорилар ва биологик фаол қўшимчаларни реклама қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этиладиган махсус кенгашнинг хулосаси асосида мумкин бўлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: