12:37 | 19.01.24

                       

Ўзбекистонда дрондан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилмоқда

Сенаторлар томонидан дрондан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи қонун маъқулланди.

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Муҳокама қилинган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида аниқланган учувчисиз учадиган аппаратлар давлат ҳисобига мусодара қилиниши, қонунга хилоф равишда ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, жавобгарликдан озод қилиниши ҳамда ушбу тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244-4-моддасида белгиланган санкцияларга муқобил жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш каби жазо турлари киритилмоқда, яъни шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида қонунга хилоф равишда ушбу қилмишни биринчи маротаба содир этган шахслар учун жиноий жавобгарлик эмас, балки маъмурий жавобгарлик белгиланиб, бу ўз навбатида, жамиятимизда ушбу турдаги жиноятлар кўпайишини олдини олишга хизмат қилади. Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: