19:21 | 03.06.24

                       

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларига янги тоифалар қўшилди

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларига янги тоифалар қўшилди. Эндиликда, ҳайдовчилик гувоҳномасини 16 ёшли фуқаролар ҳам олиши мумкин.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги матбуот хизмати транспорт воситаларини бошқаришга оид тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳайдовчилик гувоҳномаларининг «A», «B», «C», «D», «BE», «CE» ва «DE» тоифалардаги мавжуд.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга асосан транспорт воситасинининг тури, вазни ва сиғимидан келиб чиқиб ҳайдовчилик гувоҳномаларининг қуйидаги кичик тоифалари жорий қилинмоқда:

  • «A1» – мототранспорт воситалари, шу жумладан худди шундай тавсифларга эга бўлган мопед, скутерлар. Яъни «А1» тоифадаги гувоҳнома (мопед ва скутерлар) 16 ёшдан, «А» тоифадаги (тезюрар мототцикллар) гувоҳнома 18 ёшдан берилади;
  • «V1» – тритцикл ва квадритцикл (квадроцикл);
  • «S1» – 3 500 кгдан ортиқ ва 7 500 кггача бўлган автотранспорт воситалари;
  • «D1» – 8 дан ортиқ ва 16 дан кўп бўлмаган ўриндиққа эга йўловчи ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари.

Мазкур тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларининг жорий этилиши натижасида ҳайдовчиларни тайёрлаш жараёни соддалашиши, муддатлар қисқариши, ёшга доир талаблар эса табақалаштирилиши айтилди. Хорижий тажрибани ўрганиш давомида кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари Россия, Қозоғистон, Ветнам каби давлатларда жорий этилганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида енгил мототранспорт воситаларини (тезлиги 50 км/соатидан юқори бўлмаган) 16 ёшга тўлган шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини олмасдан бошқаришга рухсат бериш назарда тутилмоқда.

Бу борада ўрганилган хорижий тажриба, Ветнам қонунчилигига («Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонун) асосан, иш ҳажми 50 см3гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган мототранспорт воситаларини 16 ёшдан бошлаб ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан бошқаришга рухсат берилганини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги вақтда «V» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонга кириш учун мажбурий тартибда махсус курслардан ўтганлик тўғрисида ҳужжат тақдим этиш зарур. Ушбу курслардан ўтиш маълум вақт ва ортиқча харажатларни талаб қилади.

Мисол учун: «В» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун махсус курсларда ўртача 3–6 ой давомида тайёргарликдан ўтилади ҳамда 1,5–2 млн сўм харажат қилинади.

Хорижий тажрибага кўра АҚШ, Канада, Япония, Жанубий Корея ва Қозоғистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонларга талабгорлар мустақил равишда тайёрланиб киришларига рухсат берилган.

Ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида ушбу масалага ечим таклиф этилмоқда. Яъни, «А», «А1», «B» ва «B1» тоифалардаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун талабгорлар ўзлари тайёрланиб, имтиҳон топширишига рухсат берилади.

Мазкур тартибга кўра талабгорнинг транспорт воситасини бошқаришга тайёрлиги имтиҳон орқали аниқланади ва аҳолида махсус курсларни ўташ учун сарфланадиган вақт ҳамда харажатлар тежалади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: