15:21 | 01.02.24

                       

Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2023 йил давомида 14 фоиздан 11 фоизга камайди

Мамлакатда 2024 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати 621 минг сўмни ташкил этиши маълум бўлди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Статистика агентлиги 2023 йил учун Ўзбекистонда камбағаллик даражасини таҳлил қилди.

Агентлик томонидан ўтказилган 16 мингта уй хўжаликлари кузатувларига кўра, 2023 йил давомида мамлакатда камбағаллик даражаси 3,1 фоизга камайиб, йил якунида 11,0 фоизни ташкил этган.

Камбағалликнинг пасайиши барча вилоятларда қайд этилди:

  • Сирдарё — 19,5 фоиздан 13,8 фоизгача;
  • Андижон — 17,4 фоиздан 11,9 фоизгача вилоятлари;
  • Қорақалпоғистонда — 19,9 фоиздан 13,7 фоизгача сезиларли даражада қисқарган.

Минимал ўзгаришлар:

  • Тошкент шаҳри — 8,5 фоизан 7,9 фоизгача;
  • Бухоро — 11,9 фоиздан 11,8 фоизгача;
  • Қашқадарё — 12,7 фоиздан 11,5 фоизгача вилоятларида аниқланган.

Айтилишича, 2023 йилда жами 4,1 миллион аҳоли, шундан 2,3 миллион нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 миллион аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлиги таъминланган.

Инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати 621 минг сўмни ташкил этди. 2023 йилда ушбу қиймат 568 минг сўм бўлган.

Маълумот учун, статистика агентлигининг аҳоли даромадлари ҳақидаги йиллик ҳисоботидан, 2023 йили аҳоли жон бошига реал даромадлар ўсиши секинлашгани маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: