14:29 | 20.02.24

                       

Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади. 2025 йилдан 40 та туманда соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ва сектор раҳбарлари маҳаллада ўтказаётган қабуллар ҳам ўзгариши кераклиги, қабулларда маҳалла «еттилиги» кўтарган энг оғир масалаларнинг ечими бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш топширилди.

Протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди.

Маҳаллада ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади.

Йиғилишда «Мурувват» уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди. Келгуси йилдан 40 та туманда реабилитация, соғломлаштириш ва ногиронлиги бор шахсларга қарайдиганларни ўқитиш бўйича кўп тармоқли ижтимоий хизматлар марказлари ишга туширилади.

Бу орқали, яна 60 минг эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади, уларга қараётган 3 минг киши ўқитилади.

Ҳозирда нафақа олаётган, лекин меҳнат қилиб, даромад олиш истагида бўлган 660 минг аҳоли учун зарур шароитлар яратилиши уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги яхшиланишига хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: