23:37 | 25.01.24

                       

Ўзбекистонда Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Бунда иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмалар инобатга олинган.

Бугун, 25 январ куни Марказий банк бошқарувининг йиғилишида иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб, асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Банк прогнозларига кўра, инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Келтирилишича, шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни беш фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.Умумий инфляция эса сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолган.

Шунингдек, истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашган. Бу эса келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, сўнгги сўровлар натижаларига кўра, сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалар юқори даражаларда сақланиб қолмоқда.
2023 йилда иқтисодий ўсишнинг 6 фоизгача тезлашишига, асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг юқори суръатда ўсиши муҳим аҳамият касб этди.

Жаҳон иқтисодиётдаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хомашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг 2024 йилда ҳам секинлашишда давом этиши кутилмоқда.

Савдо ҳамкорлардаги жорий иқтисодий тенденциялар ва кутилмаларни инобатга олиб, келгуси ойларда сўмнинг реал алмашув курсига нисбатан юқори босимлар кузатилмаслиги тахмин қилинмоқда. Банк тизимида ликвидликдаги таркибий профиситнинг қисқариб бориши билан бир қаторда, пул бозорида операцияларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларининг 2024 йил давомида ҳам монетар операцияларни фаол қўллаган ҳолда, фоиз коридори доирасида шаклланиши учун шароит яратиб борилади. Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори ижобий реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолиши кутилмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Бундан ташқари,  2024 йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

Айни пайтда, айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, аксиз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: