12:19 | 09.02.24

                       

Ўзбекистонда микроқарз беришнинг максимал суммаси 100 млн сўмгача оширилиши мумкин

«Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилади.

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартириш киритилаётган бўлиб, унга кўра жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонун аҳоли ва тадбиркорларга микроқарз ёки кредит олиб фойдаланиш жараёнларини кенгайтиришга, улар томонидан кредитларни қайтариш қобилияти яхшиланишига замин яратади.

Шунингдек, аҳолини ва тадбиркорларнинг молиявий маблағлар ҳамда хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш билан бирга уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишга ва ушбу йўналишдаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқуллади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: