15:11 | 30.04.24

                       

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари ошди

Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари ошди. Газ ва электр энергияси тарифлари оширилгани учун харажатлар киши бошига 27 минг сўмга кўпайган.

Ўзбекистонда 2024 йил май ойидан минимал истеъмол харажатлари миқдори 4,4 фоизга оширилиб, киши бошига 1 ойга 648 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Жорий йилнинг 1 майидан энергетика соҳасида бозор механизмлари жорий этилаётганлиги сабабли минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача оширилади.

Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланганди. Сўнгги марта бу миқдор 2023 йил июл ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача, 2024 йилнинг январида эса 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилганди.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида.

Аввалроқ, газ ва электр энергияси тарифлари оширилиши сабабли минимал истеъмол харажатлари қайта кўриб чиқилиши айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: