17:05 | 20.02.24

                       

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлганлар учун Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилади

Ўзбекистонда имконияти чекланган болалар борадиган 112 та мактаб ва 74 та боғчадаги таълим дастурини қайта кўриб чиқилади. Ногиронлиги бўлганлар учун Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя соҳасидаги муҳим вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида имконияти чекланган болалар борадиган 112 та мактаб ва 74 та боғчадаги таълим дастурини қайта кўриб чиқиш, мактабларни инклюзив таълимга мослаштириш дастурини амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Қайд этилишича, ногиронлиги бўлганлар учун Спортни ривожлантириш ассоциацияси ташкил этилади. Паралимпия қўмитаси, тегишли спорт федерациялари, Ўзбекистон махсус олимпиадаси Ассоциация таркибига киради.

Ассоциация ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилиш билан шуғулланади ва «Беш ташаббус» доирасида спорт мусобақаларини ўтказиб боради.

Давлат раҳбари ногиронлиги борлар ҳаёти ва эришган ютуқлари тўғрисида таъсирчан медиаконтент, фильмлар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Телеканалларда информацион, айниқса, болалар дастурлари эфирининг муайян қисмини сурдотаржима, субтитр ёки «югурувчи сатр» билан намойиш этиш зарурлиги қайд этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар қалбида ўзига ишонч ва қатъият туйғусини оширадиган бадиий асарлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: