21:57 | 29.05.24

                       

Ўзбекистонда одамларни сохта ҳужжатлар орқали «Ҳаж» зиёратига юбормоқчи бўлган фирмалар аниқланди

Ўзбекистонда одамларни сохта ҳужжатлар орқали «Ҳаж» зиёратига юбормоқчи бўлган фирмалар аниқланди. Улардан бири Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 000 АҚШ доллари талаб қилган.

Ўзбекистонда одамларни сохта ҳужжатлар орқали «Ҳаж» зиёратига жўнатишни ваъда қилган фирмаларга жиноят иши қўзғатилгани қайд қилинди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрининг, Чилонзор туманида яшовчи 1983 йилда туғилган шахс Шайхонтоҳур туманида истеъқомат қилувчи фуқаро ишончига кириб, танишлари ёрдамида унга Саудия Арабистонига «Ҳаж» сафарига бориш учун зарур бўладиган виза ҳужжатлари тайёрлаб бериш ва зиёратга юбориш эвазига 8,500 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда эса пойтахтда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ҳодими Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарони сохта ҳужжатлар орқали «Ҳаж» зиёратига юбориш эвазига 5,500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Яна бир сайёҳлик фирмаси бошқарувчиси ва унинг ҳодими ҳам Яшнобод туманида яшовчи фуқаронинг ишончини суистеъмол қилиб, «Ҳаж» 2024 мавсумида Саудия Арабистонига муборак сафарга жўнатиш эвазига 8 500 АҚШ доллари талаб қилиб, 4 000 АҚШ долларини олдиндан олган вақтларида қўлга олинди.

«Ҳаж» сафари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар Қўқон шаҳрида ҳам кузатилган. Жумладан, мазкур шаҳарда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг иш бошқарувчиси икки нафар фуқарони «Ҳаж» амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 000 АҚШ доллари талаб қилиб, 10,000 АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.

Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда бошқа сайёҳлик фирмаси ҳодими маҳаллий фуқарони Ҳожи мақомига эга бўлиши учун «Ҳаж» зиёратига юбориш эвазига 6,000 АҚШ доллари талаб қилиб, 3,000 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: