19:21 | 13.05.24

                       

Ўзбекистонда қайси соҳаларда бўш иш ўрни кўплиги очиқланди

Ўзбекистонда қайси соҳаларда бўш иш ўрни кўплиги очиқланди. 2024 йилда бўш иш ўринлари сони қарийб 36,8 мингтага етган.

Ўзбекистонда чакана савдо, қурилиш, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва таълим соҳаларида бўш иш ўринлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Меҳнат бозори шарҳи»да маълум қилинди.

Фото: «Меҳнат бозори шарҳи»

Қайд этилишича, республикада 2023 йил якунида иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ошган.

«Иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси сезиларли даражада камайиб, 6,8 фоизни ташкил қилди. Бандликка асосий ҳисса қўшган соҳалар қурилиш ва савдо тармоқлари бўлсада, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сони камайди», —деб ёзилди «Меҳнат бозори шарҳи»да.

Шунингдек, 2024 йил январь–март ойларида меҳнат бозорида бўш иш ўринлари сони қарийб 36,8 мингтани ташкил этиб, 2023 йил декабрь ойи кўрсаткичларига нисбатан 14 фоизга ошган.

Фото: «Меҳнат бозори шарҳи»

“Ҳудудлар бўйича бўш иш ўринларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (60 фоиз атрофида), Самарқанд (11 фоиз) ва Тошкент вилоятларига (9 фоиз) тўғри келган. Бундан ташқари, йил бошидан якка тартибдаги тадбиркорлар сони 8,2 фоизга ошиб, 262,8 минг кишини ташкил этди. Тадбиркорлар асосан чакана савдо (+8,6 фоиз) ва маиший хизмат кўрсатиш (+18,9 фоиз) фаолият йўналишларида рўйхатдан ўтмоқда. Ушбу ҳолат ўзини ўзи банд қилганлар билан ҳам кузатилиб, уларнинг сони йил бошидан 287 минг кишига ёки 11,8 фоизга ошган (2,8 миллион киши)”, — дейилган шарҳда.

Фото: «Меҳнат бозори шарҳи»

Бундан ташқари, қурилиш ва хизматлар соҳаси ўсиши келгусида умумий иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиши кутилмоқда. Chакана савдода бандликнинг юқори суръатларда ўсиши esa иқтисодиётда талабнинг сақланиб қолаётганини билдиради.

Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида республикада иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 19,8 фоизни, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда эса 9,8 фоизни ташкил этган. Хусусан, савдо (24,4 фоизга) ҳамда ахборот ва алоқа (23,5 фоизга) соҳаларида юқори кўрсаткичлар сақланиб қолган. Қурилиш соҳасида меҳнат ресурслари таклифининг ўсиши ҳисобига иш ҳақи ўсиши пастроқ шаклланмоқда (6,6 фоиз).

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: