13:30 | 26.05.24

                       

Ўзбекистонда қанча ўқувчи олтин медаль олгани маълум бўлди

Ўзбекистонда қанча ўқувчи олтин медаль олгани маълум бўлди. Бу йили қарийб 400 минг нафар ўқувчи мактаб таълимини тугатган.

Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ ўқувчи мактабни олтин медаль билан тамомлагани қайд қилинди.

Маълум қилинишича, 2024 йил республикада жами 399 минг 499 нафар ўқувчи мактабни тамомлаган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, умумтаълим мактабларида 399 минг 499 нафар 11-синф, 592 минг 642 нафар 9-синф ўқувчилари ҳамда мактаб масъуллари иштирокида «Илм-саодат калити!» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилди.

Тадбирда 3 миллион нафардан ортиқ ўқувчи, битирувчи синфларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этган.

Сўнгги қўнғироқни юқори савияда ўтказиш, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида тавсия ва намунавий сценарий ишлаб чиқилиб, барча мактабларга етказилган. Унга кўра, барча мактабларда тадбирлар соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилган. Тадбирда Президентнинг мактаб битирувчи ўғил-қизларга мурожаати (табриги) ўқиб эшиттирилди.

Тадбирда намунали хулқли ва аъло баҳоларга ўқиган иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ота-оналарини «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она» каби номинациялар бўйича тақдирланган.

Маълумотларга кўра, 2023—2024 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларида 25 минг 259 нафар ўқувчига аъло даражали шаҳодатнома берилди. Мактабнинг 14 минг 778 нафар иқтидорли битирувчиси олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди (шундан 12620 нафари олтин ва 2158 нафари кумуш медаль).

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: