16:18 | 10.01.24
Адлия вазирлиги эълон қилган хабаридаги техник хатоликни тан олди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистондаги туғилишлар статистикасидаги қарама-қаршиликлар мавзуси муҳокамаларга сабаб бўлди. Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 4 январ куни 2023 йил давомида ФҲДЁ органлари томонидан қайд этилган туғилишлар сони юзасидан статистик маълумотлар эълон қилинган.
Мазкур маълумотлардаги туғилишлар сони 2022 йилга нисбатан «кўпайган» сўзи техник хатолик сабабли «камайган» сўзига алмашиб қолган. Ҳозирда ушбу хатолик бартараф этилган.
Таъкидланишича, Адлия вазирлиги ва Статистика агентлиги туғилишлар бўйича битта манбадан фойдаланади. Адлия вазирлиги томонидан ФҲДЁ органлари томонидан бир йил давомида қайд қилинган жами туғилишлар маълумотлари юритилса, Статистика агентлиги фақатгина тирик туғилган болалар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради.
Статистика агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистонда 2023 йилда Ўзбекистонда 961 962 нафар тирик туғилиш қайд этилган ва 2022 йил билан солиштирилганда 29,8 минг нафарга ошган.