17:22 | 24.09.21

                       

Ўзбекистонда «Volkswagen Caddy» тез ёрдам машиналарини етказиб бериш бошланди

Автомашиналар мамлакатнинг барча ҳудудларига тенг тақсимланади

Ўзбекистонда 24 сентябрь куни А тоифали «Volkswagen Caddy» автомашиналарининг биринчи босқичини ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги тез тиббий ёрдам шохобчаларига етказиб бериш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Президентнинг 27 майдаги тегишли қарорига биноан тез тиббий ёрдам хизмати учун янги ва замонавий русумдаги тез тиббий ёрдам автомашиналарини харид қилиш белгиланганди. Шунга мувофиқ, вазирлик ҳамда Жиззах автомобиль заводи ўртасида тез тиббий ёрдам машиналарини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Қайд этилишича, автомобилларни етказиб бериш бошлангани муносабати билан тадбир ўтказилган. Унда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов сўзга чиқиб, тез тиббий ёрдам хизматига топширилаётган бу автотранспорт воситалари тизим фаолиятини янада ривожлантириши, бу орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беришини айтиб ўтган.

Таъкидланишича, 2020 йилда Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясига 150 дона «Ford» русумли реанимацион тиббий аппаратлар билан жиҳозланган автомашина харид қилинган. Бундан тўрт йил аввал тизимда реанимобиллар сони атиги 24 та эди. Ҳозирда тез ёрдам хизматида 435 та реанимобиль бўлиб, 13 минг нафар аҳолига битта автомашина тўғри келмоқда. Шу билан бирга, тез ёрдам бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига янада яқинлаштирилган. Тез ёрдамнинг кечикиши 10–12 фоиздан 1–2 фоизгача камайган. 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25–30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирга келиб 8–12 дақиқани ташкил қилмоқда.

Хабар қилинишича, замонавий автомашиналар мамлакатнинг барча ҳудудларига тенг тақсимланади. Айтилишича, бу автотранспорт воситалари халқаро талабларга тўла мос келиб, унинг ички қисми бемор ва тиббий ходимларнинг қулай жойлашиши имконини беради. Қолаверса, амбуланс айнан қайси тиббий йўналишда фойдаланилишига қараб жиҳозланиши мумкин. Шунингдек, автомашиналар шаҳар шароитида ҳаракатланиш бўйича юқори техник кўрсаткичларга эга бўлиб, ўтувчанлиги, ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Энг муҳими, бу машиналарда ҳаракатни тўхтатмай туриб ҳам беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳудудларга 1000 та «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам машиналари етказилиши хабар қилинганди.