9:11 | 25.05.24
Ўзбекистонда кузатилаётган ёғингарчилик қишлоқ хўжалигига қандай таъсири кўрсатиши очиқланди. Баҳор ойларидаги ёмғирлар сув етишмовчилигини 30-35 фоиз қисмини қоплаши кутиляпти.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда баҳор ойларининг серёғин келишининг қишлоқ хўжалиги экинларига ҳамда мавжуд сув ресурсларига таъсири ҳақида маълумот берди.
Қайд қилинишича, Ўзбекистонда март-апрель ва май ойларида ҳар доимгидан кўпроқ ёғингарчилик кузатилмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги экинлари ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, сув захираларини кўпайишига ва йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини парваришида сув тақчиллигига барҳам беришга ёрдам беради.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларини сувга бўлган талабини бир қисмини тўлдиришга, тупроқдаги намликни сақлаб туришда жуда катта аҳмият касб этади.
Республикадаги мавжуд суғориладиган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 2024 йил суғориш мавсумида жами 38,2 миллард куб метр, жумладан, асосий экинларга 30,2 миллард куб метр ҳамда аҳоли томорқалари ва такрорий экинларга 8,0 миллард куб метр сув талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинди.
Шунга асосан баҳор ойларида ёғиб ўтган ёғин миқдори ва республикамиздаги мавжуд сув омборлардаги сув захиралари, шунингдек, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида жойлашган тоғлардаги қор захираларини ҳисобга олиб, сув етишмовчилигини 30-35 фоиз қисмини қоплаши кутилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: