9:11 | 02.06.24

                       

Ўзбекистонда ёз фаслида ўткир диарея касаллиги авж олади

Ўзбекистонда ёз фаслида ўткир диарея касаллиги авж олади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини огоҳлантирди.

Ўткир диарея келиб чиқишига кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмари хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ёзда аҳоли, айниқса, болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлардан бири — ўткир диарея.

«Ўткир диарея – халқ орасида ичбуруғ, ич оғриғи, ич кетиши номлари билан аталадиган хасталик бўлиб, ичак йўлларининг функционал бузилиши ҳисобланади. У ичакларни бўшатиш ва ичнинг суюқ ҳолатда келиши билан кечади. Ичнинг кунига 3-4 мартадан кўп келиши ўткир диарея дейилади», — деди Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Шахло Исамухаммедова.

Маълумотларга кўра, касалликнинг 2 та тури бор. Булар инфекцион ва ноинфекцион турлари ҳисобланади. Хасталик келиб чиқишига кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Қолаверса, ичбуруғ ёзнинг иссиқ кунларида очиқ ҳавода қолган таом ва егуликлар, жумладан, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш туфайли юзага келиши мумкин.

Шунингдек, болалар кўчадан уйга киргач ва таомланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, салмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларини қўзғатади.

Яъни организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: