23:22 | 02.01.24

                       

2023 йилда Ўзбекистонга 22 млрд доллардан зиёд инвестиция киритилди

Шавкат Мирзиёев инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва «яшил» энергетикани ривожлантириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган режалар билан танишди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев бугун, 2 январ куни инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватларининг улушини кўпайтириш бўйича 2023 йилда қилинган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда 2023 йил давомида жами 22 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани, бу 2022 йилга нисбатан 1,8 баробар кўплиги таъкидланган. Йирик инвесторлар билан манзилли ишлаш, инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳудудлардаги махсус зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари инвестиция масалаларини ҳал этишда саноат тармоқлари билан яқиндан ишлаши, асосий эътиборни ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, янги иш ўринларни кўпайтиришга қаратиши шартлиги айтиб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда 2024 йилда қуёш электр станцияларининг умумий қувватини 2,6 гигаваттга, шамол электр станциялари қувватини 900 мегаваттга етказиш ва 400 мегаваттлик энергия сақлаш қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилгани маълум қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ, Мирзиёев мудофаа қурилиши ва Қуролли кучларни ривожлантириш масаласини муҳокама қилиб, қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш кераклигини айтди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: