18:13 | 24.05.24

                       

Ўзбекистонга нефть маҳсулотлари, газ, кўмир ва электр импорти кескин ошди

Ўзбекистонга январь-апрель оралиғида нефть маҳсулотлари, газ, кўмир ва электр, шунингдек, автомобиллар импорти кескин ошди.

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2024 йилнинг январь-апрель ойларида 20,87 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 1,16 млрд долларга ёки 5,9 фоизга кўп. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, олтинни ҳисобга олганда экспорт 9 фоизга, яъни 8,49 млрд долларгача, олтинни ҳисобга олмаганда 5,07 млрд долларгача (+7,1 фоиз), импорт эса 11,92 млрд долларгача (+3,9 фоиз) ошди.

Ташқи савдо тақчиллиги бироз қисқарди ва минус 3,89 млрд долларни ташкил этди, бу 2023 йилги кўрсаткичга нисбатан 238 млн долларга кам.

«Мамлакатга энергоресурслар етказиб бериш кескин ошганига қарамай, импорт кетма-кет иккинчи ой пасайди (бунга 2023 йилги юқори импорт базаси сабаб бўлиши мумкин, ўшанда мамлакатга кўп миқдорда самолётлар олиб келинган). Апрелда импорт 2,94 млрд долларни, мартда 3,15 млрд долларни, февралда эса 3,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳам 2023 йилнинг июль ойидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади (2,99 млрд доллар). Шу билан бирга, бу миқдор 2023 йилнинг апрель ойидаги импортдан (2,82 млрд доллар) юқори», — дейилади хабарда.

Шу билан бир қаторда, номонетар олтинни ҳисобга олмагандаги экспорт ҳам 1,35 млрд долларгача (март ойида 1,41 млрд доллар) пасайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда импорт кетма-кет иккинчи ой пасайиб, 2023 йил июль ойидан бери минимум даражага тушган эди. Шунга қарамай, январь-апрель оралиғида нефть маҳсулотлари, газ, кўмир, электр энергияси, сабзавот ва мевалар, шунингдек, автомобиллар импорти ошди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: