8:51 | 10.02.24

                       

Ўзбекистонлик спортчига илк бор терапевтик истисно жорий этилди

Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги тарихида илк маротаба узоқ масофаларга сузиш бўйича терма жамоа аъзоси Анастасия Зелинскаяга истисно тариқасида Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Терапевтик истиснолар халқаро стандарти бўйича cалбутамол ва фуросемид дори воситаларидан ретроактив тарзда фойдаланишга рухсат берилди.

Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳузуридаги Терапевтик истиснолар бўйича комиссиянинг қарори билан сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анастасия Зелинскаяга спортда тақиқланган моддалардан терапевтик истисно тарзида фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Узоқ масофаларга сузиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоси Анастасия Зелинская 2021, 2022, 2023 йилларда ўз йўналишида Ўзбекистон чемпиони бўлган. Японияда ўтган жаҳон чемпионати иштирокчиси, халқаро турнирлар ғолиби ва совриндорлигига эришган Зеленская ҳақидаги маълумотларни ўрганиш шуни кўрсатдики, ундаги буйрак билан боғлиқ касаллик 2017 йил, яъни спортчи 13 ёшида бўлган вақтида бошланган.

Ўша вақтда у Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси «Болалар кардиоревматология ва нефрология бўлими»да ўткир гломерулонефрит, нефретик шаклининг бошланғич даври, йўлдош касаллик сифатида сурункали тонзиллит ҳамда камқонликнинг енгил даражаси ташхиси билан даволанган.

Шундан буён, баъзи-баъзида хуруж қиладиган буйрак касаллиги учун спортчи вақти-вақти билан фуросемид дори воситаси қабул қилиб келган. Спортчи 2023 йил ноябрь ойида «Сурункали пиолонефрит, cурункали цистит, 1-босқичдаги сурункали буйрак касаллиги асорати» ташхиси билан амбулатор ҳолатда даволанган. 2023 йилнинг ноябрь ойида спортчидан олинган допинг синамада спортда тақиқланган фуросемид ва салбутамол дори воситалари аниқланган.

«Мазкур ишни ўрганиш давомида спортчига доир барча тиббий маълумотлар тўпланди ва комиссия аъзоларига ҳавола этилди. Миллий антидопинг агентлигининг Терапевтик истиснолар бўйича комиссия аъзолари ҳолатни ўрганиб чиқиб, спортчи Анастасия Зелинскаяга қўйилган ташхис тўғрилиги, унга буюрилган дори воситалари ўринли тайинланганини тасдиқлашди.

Шунга кўра, спортчига Терапевтик истисно рухсатномаси берилиши ўринли экани, яъни спортчидан олинган допинг синама таҳлилларида аниқланган фуросемид ҳамда салбутамол тақиқланган дори воситалари айни касалликларни даволаш учун қўлланилган», — дейди Миллий антидопинг агентлиги Терапевтик истиснолар бўлими бошлиғи Аъзамжон Солиев.

Шу тариқа Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги тарихида илк маротаба узоқ масофаларга сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анастасия Зелинскаяга истисно тариқасида Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Терапевтик истиснолар халқаро стандартининг 4.1 (а) 4.1 (б) бандлари бўйича cалбутамол ва фуросемид дори воситаларидан ретроактив тарзда фойдаланишга рухсат берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: