9:17 | 06.02.24
Ўзбекистонлик профессионал теннисчи Денис Истомин спортдаги фаолиятини тугатди. Бу ҳақида спортчимизнинг ўзи «Ҳумо Арена» мезбонлик қилган Девис кубоги доирасидаги Ўзбекистон–Полша учрашувидан сўнг маълум қилди.
«Ҳумо Арена» мезбонлик қилган Девис кубоги доирасидаги Ўзбекистон – Полша учрашувидан сўнг 37 ёшли теннисчи Денис Истомин профессионал спортчилик фаолиятини тугатганини маълум қилди.
Таъкидланишича, Денис Истомин ёш теннисчи Амир Милушевга қарши кўргазмали хайрлашув учрашувини ўтказди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон теннис федерацияси раиси Алишер Мирсоатов ва федерация Бош котиби Ирода Тўлаганова унинг ўзбек спортида тутган ўрни, унинг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Денис фаолияти давомида Лондон-2012, Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида олтин, шунингдек, Гуанжоу-2010 да 2 та кумуш ҳамда Инчеон-2014 да 1 та бронза медалига ҳам сазовор бўлган.
2012 йил АТП тасниф жадвалида 33-ўрингача кўтарилган. Мазкур ташкилот байроғи остида ўтган турнирларда 2 бор (2015, 2017 йиллар) бош совринни қўлга киритган. Ушбу натижалари эвазига «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: