8:11 | 03.06.24

                       

Ўзбекистонликлар эндиликда Қатарга бориб ишлаши мумкин

Ўзбекистонликлар эндиликда Қатарга бориб ишлаши мумкин. Қатар давлат Меҳнат вазири хориждан келиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъкидлаб ўтди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Қатар давлат Меҳнат вазири билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2024 йил 2 июнь куни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Қатар давлат Меҳнат вазири Жаноб Али бин Самиҳ ал-Марри бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди. Асосий эътибор, Ўзбекистондан Қатарга ишчи кучини жалб этиш, уларни тайёрлаш ва уюшган тарзда юбориш масалаларига қаратилган.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 6 июнь куни Самарқанд шаҳрида икки давлат Ҳукуматлари ўртасида «Қатар Давлати ҳудудида ишчи кучи бандлигини тартибга солиш тўғрисида»ги битим имзоланган. Мазкур учрашувда ушбу битимни ҳаётга татбиқ этиш механизмларига тўхталиб ўтилди.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати

Қатар давлат Меҳнат вазирининг таъкидлашича, ушбу мамлакатда айни вақтда тиббиёт, таълим, ИТ, маҳсулотларни саноат усулида қайта ишлаш, меҳмонхона хизмати ва ОАВ соҳаларида хорижлик ишчи кучига талаб юқори. Қатарда ишлаш истагида бўлганларни қийнаётган энг катта масала бу тил тўсиғи эканлиги айтиб ўтилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири муаммони ечиш бўйича шу ердаги мавжуд тажрибадан келиб чиқиб ишчи кучини мақсадли тайёрлаш бўйича ўз таклифларини берган.

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Қатар давлат Меҳнат вазири Жаноб Али бин Самиҳ ал-Марри хориждан бориб ишловчиларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан мустаҳкам ҳимоя қилиниши, айни мақсад ва кўрсаткичлар 2008 йилда тасдиқланган «Qatar Vision – 2030» дастурида ҳам ўз аксини топганлигини маълум қилди. Бундан ташқари, хорижлик ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси, тиббий суғуртаси, ойлик, транспорт ва яшаш жойлари харажатларини иш берувчи томонидан тўлиқ қоплаш йўлга қўйилганлигини, ҳамда четдан бориб ишловчи аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўмита ташкил этилганлигини таъкидлади.

Ҳозирда кки давлат вазирликлари ўртасида қўшма комиссия тузилиб, унинг навбатдаги йиғилиши Қатарда ўтказилиши ва унда ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид битим имзоланиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: