10:12 | 07.02.24

                       

Ўзбекистонликларни Умрадан қайтариш чораларини кўрмаганларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди

Транспорт прокуратураси ўзбекистонликларни Умрадан қайтариш чораларини кўрмаган ва жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий авикомпания мансабдор шахсларига нисбатан тергов ҳаракатлари бошлади. Жиноят иши доирасида 1 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ижтимоий тармоқларда Panorama Airways хусусий авиакомпаниясининг парвозлари кечикиши натижасида зиёратчиларнинг аэропортда қолиб кетиши ва туроператорлар томонидан умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларга ноқулайлик юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 августдаги «Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 345-сонли қарорига мувофиқ, туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш ҳамда ушбу маблағларнинг етарли миқдорини таъминлаб бориш белгиланган.

Мазкур қарорга мувофиқ, тегишли туроператор томонидан Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиладиган 100 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлардан унинг умра хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини қоплаш учун суд қарорига мувофиқ фойдаланилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Туризм қўмитаси ўзбекистонликларнинг Умрадан қайтишида муаммолар бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилаётганини айтган.

«Афсуски хозирги пайтда айрим ‘тадбиркорлар’ томонидан Умра тадбирларини амалга оширишда етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмай, ‘Умра’ лицензиясини олмасдан фуқароларимизнинг ишончига кириб, ноқонуний равишда ишлаб келиши учрамоқда. Туризм қўмитаси томонидан бундай маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда.

Шу ўринда, яна бир бор эслатиб ўтамиз: ‘Умра’ хизматларини сифатсиз кўрсатишидан жабр кўрган зиёратчилар ўрнатилган тартибда мурожаат этишлари мумкинлигини ҳамда уларга етказилган моддий ва маънавий зарар суд қарорига мувофиқ ундириб берилади», — дейилади Туризм қўмитаси хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: