11:21 | 16.01.24

                       

Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги ЯИМини 100 миллиард долларга етказиш режа қилинган

Ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Шавкат Мирзиёев 2024 йилда ялпи ички маҳсулотни камида 6 фоизга кўпайтириб, 100 миллиард долларга етказиш режа қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган.

Йиғилишда ўтган йили саноат 6 фоиз ўсгани билан, ишлаб чиқаришда қўшилган қиймат 40 фоиздан ошмаётгани кўрсатиб ўтилган.

«Бу рақамлар бизни қониқтирмайди. Булар асосан импортга қарамлик ва энергия истеъмоли юқорилиги ҳамда ортиқча харажатлар кўплиги сабабли бўлмоқда», дейди давлат раҳбари.

Йирик саноат тармоқларига солиқ юки камайтирилган бўлса-да, кўп тармоқлар давлатга тушумни таъминлаш ўрнига харажатини ошираётгани қайд этилди. Жумладан, 10 та йирик корхонада харажатлар даромаддан тезроқ ўсгани кузатилган.

Қайд этилишича, бу йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлади. Бундан буён, саноатда қўллаб-қувватлаш механизмлари биринчи галда юқори қўшилган қиймат яратадиган ва бозори бор маҳсулотлар учун берилади.

Масъулларга 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топширилган.

Шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 триллион сўмга, дебитор қарздорликни 8 триллион сўмга камайтириш зарур.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлигига ҳар ойда камида 2 тадан тармоқни таҳлил қилиб, қандай қилиб таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини кўрсатиб бериш вазифаси қўйилган.

Умуман, жорий йилда иқтисодиётда самарадорликни ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда иқтисодий комплексдаги айрим раҳбар ўринбосарлари ўзига масъулият олмасдан, мудраб ўтирганини танқид қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: