18:58 | 03.01.23

                       

Ўзбекистоннинг 5 та халқаро аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари иш бошлади

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари иш бошлади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) суммаларини қайтариб олиш имконини беради. Кешбэк тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги «Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Қарорида белгиланган. Бу рўйхатдан сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган.

Таъкидланишича, ҚҚС тўловини қайтариш учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб, бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларнинг барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, кешбекни расмийлаштирадилар. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача кешбек олиши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин тўлаб берилади.

Tax Free тизимини жорий қилишдан мақсад Ўзбекистонга туристларни кўпроқ жалб этиш ва мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада юксалтиришдир.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: