12:12 | 31.05.24

                       

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 35 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 35 млрд долларга етди. Давлат ички қарзи ҳам қарийб 2 миллиардга ошган.

Ўзбекистоннинг давлат қарзи ўтган йил давомида 5,7 миллиард долларга кўпайиб, 34,9 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, давлат ташқи қарзи 2023 йилда 3,73 миллиардга ошиб, 29,64 миллиард долларни ташкил этган (ЯИМнинг 32,6 фоизи). Бу маблағнинг 23,91 миллиард доллари ҳукумат номидан жалб қилинган, 5,72 миллиард доллари эса Ўзбекистон томонидан кафолатланган.

Давлат ички қарзи 1,97 миллиард долларга ошиб, 5,29 миллиард долларни ташкил этган (ЯИМнинг 5,8 фоизи). Шундан 1,78 миллиард доллар (21,9 триллион сўм) давлат қимматли қоғозлари, 3,51 миллиард доллари давлат томонидан кафолатланган ички қарздир.

Маълумот учун, 2023 йилда ички талабнинг фаол сақланиб қолиши натижасида мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 1 066 569 млрд сўмни ёки 90,9 млрд АҚШ долларни ташкил этиб белгиланган прогноз параметрга (5,3%) нисбатан 0,7 фоиз бандга юқори ўсиб, 2022 йилга нисбатан 6 фоизга ошди.

2023 йилда иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери хизматлар соҳаси бўлиб, унинг ўсиш суръати 6,8 фоизни (прогноз -6,5 фоиз ) ташкил этди. Шу билан бирга ижобий ўсиш суръатлари иқтисодиётни фискал рағбатлантириш ҳамда ташқи трансфертлар ва ташқи инвестициялар барқарор оқими натижасида, истеъмол ва инвестиция харажатларининг ўсиши ҳисобига эришилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: