21:39 | 01.04.24

                       

Ўзбекистоннинг меҳнат бозорига назар,  камбағаллик ҳақиқатда мавжудми?

Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакати. Ватанимизда ўқиш, ишлаш, маълум касбга ёки ҳунарга эга бўлиш учун барча имкониятлар ва шароитлар яратилган.

Аммо яратилаётган шунча имкониятларга қарамай ватанимизнинг асосий меҳнат бозорини банд этаётган ёшлар орасида “суриш керак” хештеги оммалашгани, камбағал деб эътироф этилган аҳоли қатламининг ишсизликдан азият чекаётгани тез-тез қулоғимизга чалиниб туради.

Ёшларимизнинг асосий қисми чет элларда ўқиб, ишлаб яхши даромад қилишга интилиши борлигини очиқ-ойдин маълум қилишса, катталар  Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида ўзларига муносиб иш йўқлигидан нолишади. Ҳақиқатдан ҳам мамлакатимиз меҳнат бозорида муаммолар мавжудми?

Биз,  Ўзбекистон меҳнат бозоридаги реал вазият, аниқ рақамлар, ундаги талаб ва таклиф, ишсиз аҳолига, жумладан, ёшларга яратилаётган имкониятлар, бажарилган меҳнатга яраша ҳақ тўланишига оид турли фикрларни, аниқ маълумотларни ўргандик.

Батафсил видеода:

Меҳнатга оид ҳисоботлардаги расман эълон қилинган рақамларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистон доимий аҳолиси 36 799 756 ни ташкил қилади. Шундан 32 фоизини, яъни 11,8 миллион аҳолимиз меҳнатга лаёқатли деб ҳисобланган. Чет элларга кетган меҳнат муҳожирларимиз сони 2 миллион нафарни, расман ишсиз деб топилганлар сони эса 1 миллион 322 минг 86 нафарни ташкил этади.

Мухбиримиз расмий ҳисоботларда акс этган рақамларга янада аниқлик киритиш мақсадида масъул соҳаларнинг матбуот хизматлари билан боғланди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Bugun.uz га тақдим этилган маълумотларга қараганда, аҳолининг 6 миллион 503 минг 860 нафари расмий иш жойига эга экан. Давлат Солиқ қўмитаси эса вазирликнинг берган рақамларини инкор этиб, расман иш жойига эга бўлган фуқаролар томонидан даромад солиғи тўлайдиганларни 5 миллион 70 нафар дея маълумот берди. Икки давлат органи берган маълумотлар солиштирилганда 1 миллион 433 минг 860 дан ортиқ иш ўрни мавжудлигига шубҳа пайдо бўлди. Бунча сонда расман иш жойига эга бўлганлар ёки маош олмай туриб ишлашмоқда ёки олган маошидан даромад солиғи тўлашмаяпти. Бу зиддиятли масала юзасидан масъуллардан изоҳ кутамиз.

Энди, Меҳнат бозоридаги реал вазият ва нега “суриш керак” шиори оммалашганига доир ўрганишларимиз ҳақида айтиб ўтсак.

Ўрганишлар аввалида  меҳнат бозорида энг талабгир бўлган мутахассисликлар руйхатини туздик. Руйхатимизнинг энг олди қаторларини банд этган электр-монтажчи, пайвандчи-чилангар, санитар мосламалар мутахассиси, совутиш мосламалари механиги, уй-жойлар қурувчи ва таъмирловчилар, ошпаз, автотранспорт таъмиловчилари каби мутахассислар билан телефон орқали гаплашиб, уларнинг хизматлари учун қанча нарх сўрашлари билан қизиқдик. Улар ўз хизматлари учун  сўраётган пуллари Европа давлатларидаги истеъмолчиларни ҳам шошириб қўяди. Масалан, электр-монтажчи уйингизда куйиб қолган “розедка”ни алмаштириб бериши ёки таъмирлаши эвазига 200-250 минг сўм миқдорида, санитар мосламаларни таъмирловчи уста жўмрак ёки канализациянгиздаги муаммони бартараф этишига 300-400 минг сўм миқдорида ҳақ сўрайди. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон меҳнат бозорида мазкур мутахассискларга катта эҳтиёж мавжуд.

“Суриш керак деганда нимани тушунасиз”,  – деган савол билан аҳолининг турли қатлами вакилларига юзландик. Жавобларнинг аксариятида Ўзбекистонда ҳам ишлаб пул топиш учун зарур шарт-шароитлар етарли эканлиги ҳақида айтилди. Сўровномада иштирок этган кўпчилик ёшларнинг яшаш ва ишлаш мақсадида чет элларга кетиши ҳақидаги жавоблари эса шунчаки тил учида айтилгандек кўриниш олди.

Ўрганишларимизни пойтахтимизнинг Эски Жува бозори яқинидаги кунлик ёлланма ишчилар тўпланадиган жойда давом эттирдик. У ерда кунлик ишга чиқиб, тирикчилик қилаётган ҳамюртларимиздан баъзиларини суҳбатга чорладик. Уларнинг асосан қандай иш билан шуғулланишлари ва топаётган даромадлари билан қизиқдик. Жавоблардан англашилидики, айнан шу мардикор бозоридаги кунлик ёлланма ишчиларнинг деярли муаммолари йўқ, кунлик даромадларидан мамнун, бир ойда эмин-эркин равишда 10-15 миллион сўм миқдорида пул топишар экан. “Республикамиздаги МОНОМАРКАЗлар ҳақида қандай маълумотларга эгасизлар?”, – деб сўраганимизда, марказ ҳақида билишларини, айримлари мономарказда ўқиб, тегишли ҳунарга эга бўлганини, аммо иш йўқлиги сабаб, ёлланма ишчиликка қайтишгани ҳақида айтиб ўтишди.

Меҳнат бозорига тўғридан-тўғри алоқаси борлиги боис, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 2021 йилда ташкил этилган МОНОМАРКАЗлар фаолияти билан танишдик. Тошкент шаҳридаги “ИШГА МАРҲАМАТ” мономаркази ахборот технологиялари ва матбуот бўлими бошлиғи Илҳом Абдурасуловнинг айтишича: ҳозирги кунга қадар у ишлаётган  марказда  4043 нафар фуқаролар ўзларига маъқул бўлган йўналишларда ўқитилиб, зарур касб-ҳунарларга ўргатилган. Шунингдек, анъанавий касблардан ташқари замонавий бўлган веб-дастурчи, компютер саводхонлиги каби курслар ҳам мавжуд экан.

Биз, юртимиздаги меҳнат бозорини ўрганиб қуйидаги хулосага келдик. “Суриш керак” шиори қанчалик оммалашмасин ёшларимизнинг ўзига бўлган ишончи йўқлигини исботлаяпти. Сабаби Ўзбекистондаги катта-катта компанияларда ишлашни ёки ўрганишларимиздаги энг талабгир мутахассисликларни эгаллаш учун ўзларини синаб кўришмайди. Шунингдек суриш керак орзусига қанчалик берилмасин, у учун мавҳум бўлган чет давлатдаги муаммоларга, хусусан ўзга давлатнинг қонун-қоидалари, тили ва маданиятига риоя этиб яшаш шартлигини уйлаб ҳам кўришмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда  4,2 миллион камбағал аҳоли борлиги ҳақидаги маълумот ҳам бизни таажубга солди. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда миллионлаган сондаги камбағаллар бор бўлса, уларни меҳнат бозоридаги айни пайтда энг талабгир касб ёки ҳунар ўрганишлари учун қандай баҳоналари бор? Камбағалликни  танбаллик, дангасалик одатига айлантириб олган боқимандаларни камбағал дейиш қанчалик тўғри бўлади, билмадик ? Аммо  меҳнат бозоридаги реал вазият кишини мушоҳада қилиш сари етаклайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: