14:56 | 28.10.23
Кўмир шахтаси портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 28 нафарга етди.
Аввалроқ Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган портлаш оқибатида 16 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. «Sputnik Қозоғистон»нинг хабар беришича, қурбонлар сони айни пайтга келиб 28 нафарга етган, яна 18 киши эса ҳали ҳам қидириляпти. Шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 29 октябрни бутун мамлакат бўйлаб мотам куни деб эълон қилди.
Тўқаев Қарағандага ташриф буюриб, портлаш содир бўлган ҳудудда учрашув ташкил этган. Унда президент ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
«Ўзим ва ҳукумат номидан ҳамдардлик билдираман. Бу фожиа. Мен ҳаммасини тушунаман, шунинг учун бу ерга махсус келдим. Биз чоралар кўрамиз, жумладан, қурбонларнинг оилаларига ёрдам кўрсатамиз. Вазифа – ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилалари ҳеч нарсага муҳтож бўлмаслиги учун ҳукумат, ҳокимлик, хайрия жамиятлари орқали ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш», – дейди у.
Тўқаев, шунингдек, 29 октябр Қозоғистон бўйича мотам куни деб эълон қилиниши, портлаш содир бўлган конга эгалик қилган «АрселорМиттал Темиртау» корхонасига нисбатан эса тегишли чоралар кўрилишини ҳам айтган.
«Эртага бутун мамлакат бўйлаб мотам куни деб эълон қилинади. Биз чора кўрамиз. Мен «АрселорМиттал Темиртау» билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича кўрсатмалар бердим. Бу компания ҳукумат ва корхона билан ҳамкорлик қилиш бўйича тарихимизда энг ёмони бўлиб чиқди. Энди биз корхонанинг ўзига нисбатан чора кўриш ҳақида ўйлашимиз керак. Сиз Вадим Борисович Басинни биласиз. У бир вақтлар «АрселорМиттал» компаниясида ишлаган ва вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Мен унга қайтиб, бу корхонани бошқаришни, назорат қилишни топшираман. Корхонанинг ҳозирги раҳбарияти муваффақиятга эришмаяпти», дея таъкидлайди Қозоғистон раҳбари.
Унга кўра, кон ичида қолган ишчиларни қутқариш ҳамда ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилган.
«Биринчидан, қутқарув ишлари. Иккинчидан, жабрланганлар ва даволанишга муҳтожларнинг аниқ сонини билишимиз керак. Учинчидан, бундай офат муносабати билан барча жабрланган оилаларга моддий ёрдам берамиз. Керак бўлса, махсус жамғарма тузамиз, буни ўзим бажараман», дейди президент.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: