13:25 | 19.10.23

                       

Қозоғистонда ғишт заводида ишлаётган ўзбекистонлик ўғирлаб кетилган

У мажбурий меҳнатдан қочиб, Олмаота шаҳрига борган.

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ғишт заводида ишлаётган ўзбекистонлик А.А. мажбурий меҳнатдан қочиб, Олмаотага боргани ва у ерда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу хабар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати маълумот берди.

Фото: Telegram

2023 йил 14 октябр куни Чимкент шаҳрида ғишт заводида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 60 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаросида шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва яшаш рухсатномаси мавжуд эмаслиги аниқланган. Шу сабабли улар Каратау тумани полицияси бўлимига олиб борилган.

Ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консулхонаси томонидан назоратга олинган ва ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 40 нафар ўзбекистонлик Чимкент шаҳридаги ИИБ вақтинчалик сақлаш марказига, 24 нафари «Sana Sizem» ташкилоти ёрдамида ҳостелга жойлаштирилган.

Ҳостелга жойлаштирилганлар орасида А.А.нинг ҳам борлиги аниқланган. Ҳозирда мурожаат бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

18 октябр куни эса 40 нафар фуқаронинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари топилган ва уларга нисбатан Қозоғистоннинг Маъмурий кодекси бўйича иш кўзғатилган.

Фуқароларга ҳуқуқлари тушунтирилганда, уларнинг асосий қисми паспортларини қайтариб олишса, Ўзбекистонга қайтишини, иш берувчига нисбатан эътирозлари йўқлигини билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Қозоғистонда 6 йил тутқунликда сақланган ўзбекистонлик Ватанига қайтарилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: