19:06 | 15.12.23

                       

Пенсия жамғармаси ўз жамоасига коррупциядан тийилишни эслатиб қўйди

Жамғарма ходимлари орасида порахўрлик ҳолатлари кўпайган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати раҳбариятининг Пенсия жамғармаси жамоасига мурожаати эълон қилинди. Мурожаатда жамғарма томонидан тизимдаги ходимларга пора олмаслиги, коррупциядан тийилиши кераклиги айтилган.

Шунингдек, унда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган ходимлар жавобгарликка тортилиши эслатилган.

«Бугунги кунда лоқайдлик, бефарқлик, иккиюзламачилик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар Пенсия жамғармаси тизимида ҳам ҳали-ҳамон учраётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Соҳада коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида жамғарма ижро этувчи аппарати томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда» дейилган хабарда.

Жамғарма тизимида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича ишлар қуйидагилар асосида ташкил этилади:

коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, шунингдек, жамғарманинг ички ҳужжатларига қатъий риоя қилган ҳолда;

ходимлар ўз фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг ҳар қандай шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатда бўлиши орқали.

«Коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган ходимлар ўзининг мавқеи ва эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Пенсия жамғармасининг ички идоравий ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади» дея қўшимча қилган жамғарма.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда байрам муносабати билан пенсиялар олдиндан ўтказиб берилиши ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, 2024 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар миқдори ошириладиган бўлди. Бундан ташқари, Пенсия жамғармасидан «Суюнчи пули»га қандай қилиб пул олиш мумкинлиги маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: